O'ZBEKCHA РУССКИЙENGLISH

icon

СУРХОНДАРЁГА ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ ЎТГАН ДАВРИДА 90 ДАН ОРТИҚ ХОРИЖИЙ ДАВЛАТДАН 12 МИНГГА ЯҚИН САЙЁҲ КЕЛДИ

Сурхондарёга жорий йилнинг ўтган даврида 90 дан ортиқ хорижий давлатдан 12 мингга яқин сайёҳ келди
 
Президентимиз 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳанинг сайёҳлик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиб, туризмни ривожлантириш юзасидан белгилаб берган вазифалари қадимий, мафтункор гўшага хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этишда юксак самара бермоқда.
 
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги қарори билан вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Туризм инфратузилмаси ва намойиш объектларини ташкил этиш, мавжудларини таъмирлаш, реконструкция қилиш, меҳмон уйларини яратиш лойиҳалари, туристлар борадиган объектларнинг йўлларини таъмирлаш манзилли дастури асосида сайёҳлар учун барча замонавий шароитларни яратишга эътибор кучайтирилди. Бойсун, Сариосиё ва Шеробод кичик туризм зоналарини ташкил этиб, замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туризм аҳамиятига эга бошқа объектларни қуриш, замонавий муҳандислик инфратузилма объектларини барпо этиш белгиланди.
 
Пурвиқор тоғлар қўйнидаги вилоятда кичик туризм зоналари фаолиятини йўлга қўйиш учун Туркиянинг “IdeaLIST” шаҳарсозлик, меъморчилик ва муҳандислик компанияси билан шартнома тузилиб, Бойсун кичик туризм зонасида замонавий туризмни ривожлантириш лойиҳаси тайёрланди.
 
photo_2019-07-23_18-40-30.jpg
 
Ушбу лойиҳага кўра, Бойсун туманининг Омонхона қишлоғидан Зовбоши тоғли ҳудудигача бўлган хушманзара, сўлим гўшада кичик маданий, тиббий ва табиат туризми марказлари, меҳмонхона, савдо, гастрономик ва маъмурий мажмуалар, тиббий муассасалар, виллалар ҳамда экобоғлар барпо этилади. Тоғ-дор йўли бекати, майдон, масжид ва меҳмонхоналар қурилади. Маданият маркази, ҳунармандчилик санъати устахоналари, тадбирлар ўтказиладиган майдон, ўтовлар мажмуаси, ойнали айвон, автотураргоҳ ва техник хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади.
 
– Яқинда туркиялик тажрибали мутахассислар вилоятга келиб, мазкур лойиҳа тақдимотини ўтказди, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Абдусалом Хўжақулов. – Лойиҳа 4 босқичда 20 йил давомида амалга оширилади. Жорий йилда туризм марказларини ўзаро боғлайдиган тоғ-дор йўли линиялари қурилиши бошланади. Шунингдек, Сариосиё ва Узун туманларидаги Хонжиза тоғ тизмалари ён бағирлари ҳамда Сариосиё тумани Сангардак қишлоғи ҳудудларида Сариосиё, Шеробод тумани Шалқон қишлоғи, Хўжаикон туз ғори ҳудудларию анорзор ва бошқа қатор мевали боғларни ўз ичига олган Шеробод кичик туризм зоналарининг лойиҳасини тайёрлаб, қурилиш ишларини тезроқ бошлаш йўллари изланмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудда туризмни тамомила янги босқичда ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган улкан ишлар вилоятнинг узоқ ўтмишга бориб тақаладиган тарихий, археологик, маданий-мерос ёдгорликлари, осмонўпар чўққиларию мафтункор табиат манзаралари, табиий сўлим гўшалари, сержило шаршаралари, етти иқлимга донғи кетган шифобахш булоқ сувларига дунё аҳлининг қизиқиш ва интилишини янада оширмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятга 90 дан ортиқ хорижий давлатдан 12 мингга яқин, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан 22 мингдан зиёд сайёҳ келди. Ваҳоланки, 2016 йилнинг шу даврида вилоятга 64 давлатдан 7 минг 349 хорижлик турист келган эди. Тоғ туризми кластерлари ташкил этилаётгани эса воҳанинг ноёб сайёҳлик салоҳиятидан янада унумли фойдаланишга қулай муҳит яратаётир. Бу ишлар жанубдаги воҳанинг туристик имкониятини ошириш баробарида аҳолининг бандлик масаласини ҳал этишга ҳам кўмаклашади.
 
photo_2019-07-23_18-40-35.jpg
 
Президентимиз қадимий бу гўшанинг сайёҳлик салоҳиятини кенг намойиш этишга алоҳида эьтибор қаратаётганида чуқур маъно мужассам. Зеро, Сурхондарё – хорижий ва маҳаллий туризмни кенг йўлга қўйиш учун катта имкониятга эга ҳудуд, маданий мерос ёдгорликларига бой воҳа. Зиёрат, буддизм, агро, саноат, экологик ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш учун қулай имконият бор. Ҳудуднинг маданий-маърифий ва кўнгилочар, гастрономик туризми маршрутларига ҳам дунё аҳлининг қизиқиши баланд. Шунга мос равишда воҳанинг ранг-баранг туризм йўналиши белгилаб олинган. Унга кўра, сайёҳлар Тешик тош, Мачай ғори, Эски Термиз, Қирққиз, Тавка қалъаси, Термизшоҳлар саройи, Искандар кўприги, Жарқўрғон минораси, Чингизтепа, Тиллабулоқ каби тарихий-маданий ва археология ёдгорликлари билан яқиндан танишмоқда. Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Исо Термизий мажмуаси, Сўфи Оллоёр, Хўжа Баркух, Мавлоно Муҳаммад Зоҳид мақбараси, Кокилдор хонақаси сингари буюк зотлар мангу қўним топган ёки улар номига қадимда барпо этилган гўшаларни зиёрат қилаётир. Айритом, Қоратепа, Зурмала, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Будрачтепа, Холчаён ёдгорликларини томоша қилиб, қадимги буддавийлик хусусида етарли маълумот ва бой таассуротга эга бўлмоқда.
 
– Хорижлик сайёҳлар нафақат воҳанинг қадимий ёдгорликлари ва муқаддас қадамжолари балки, ўзбекона яшаш тарзимиз, миллий урф-одат ва анъаналаримиз билан ҳам яқиндан танишишга қизиқиш билдирмоқда, – дейди А.Хўжақулов. – Жумладан, уч йилдан буён ўтказилаётган “Бойсун баҳори” фольклор ва жорий йилда илк марта ташкил этилган Халқаро бахшичилик санъати фестиваллари хорижий меҳмонларда илиқ таассуротлар уйғотди. Бу тадбирларда улар миллий урф-одат ва анъаналаримиз ҳамда ўзбекона яшаш тарзимиз билан яқиндан танишди. Эндиликда аҳоли хонадонларида барпо этилаётган миллий меҳмон уйлари ҳам ана шундай улуғвор мақсадга хизмат қилаётир.
 
Таҳлилларга кўра, воҳага келаётган чет эллик сайёҳларнинг 70 фоизи Осиё давлатлари, 14 фоизи МДҲ, 13 фоизи Европа ва 3 фоизи бошқа давлатлар ҳисобига тўғри келаётир. Туркия, Италия, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Япония, Корея, Ҳиндистон, Покистон ҳамда қўшни давлатлардан келаётган туристлар оқими кенгайиб бормоқда.
 
Вилоятда туризмнинг изчил ривожланиши соҳада хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириб, янги иш ўринлари барпо этишда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Масалан, бундан икки йил илгари саноқли туроператор хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатган бўлса, айни пайтда уларнинг сони ўттизтага етиб қолди. Ёки ўтган йили воҳада 30 меҳмонхона фаолият юритган бўлса, жорий йилда меҳмонхоналар 42 тага етди. Вилоятда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, 2019-2020йилларда сиғими 2 минг 157 ўринга мўлжалланган 46 меҳмонхона бунёд этиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 214 миллиард сўмдан ортиқ мазкур объектлар учун тижорат банклари 84 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратмоқда. Ташаббускорлар томонидан 91 миллиард 100 миллион сўм, хорижлик сармоядорлар 4 миллион 600 минг доллар маблағ йўналтирмоқда. Янги меҳмонхоналарнинг 42 таси шу йил фойдаланишга топширилади. Шунингдек, аҳоли хонадонларида 123 та меҳмон уйи ташкил этилиб, замонавий ва миллий услубда жиҳозланди. Бу йил сайёҳлар кўп келаётган Термиз шаҳри, Бойсун, Олтинсой, Сариосиё, Шеробод ва Термиз туманларида яна 800 ўринга мўлжалланган 160 та меҳмон уйлари барпо этилади.
 
Воҳада туризм имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида амалга оширилаётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари хорижлик сайёҳлар учун барча замонавий шароитларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу чет эллик туристларнинг бой тарихимиз, маданиятимиз ва бетакрор табиатимиз билан яқиндан танишиб, ўзгача завқ-шавқ олишида муҳим омил бўлаётир.
 
– Ўзбекистон, хусусан, Сурхондарёда илк марта бўлишим, – дейди кореялик сайёҳ Софи Канг. – Бу ердаги ноёб ёдгорликларни билмас эдим. Очиғи бу юртнинг Корея, Япония ва Хитой билан боғлиқлиги менда ўзгача таассурот уйғотди. Кореяга қайтгач, юртингизни кенг тарғиб қиламан. Яна имкон бўлса яқинларим билан албатта келаман.
 
Буларнинг барчаси мамлакатимизда юз бераётган беқиёс ўзгариш ва янгиланишларнинг, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.
 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА
Comment:

0 (371) 200-00-88; 1163

Воқеалар

ДуСеЧоПаЖуШаЯк

facebook.com    twitter.com   telegram.me   davra.uz

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси

1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда